“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг HY274 рейсидаги самолёти Истанбулдан Тошкентга учиб кетди. Boeing 767-400 самолёти Истанбул вақти бўйича соат 9:04да, Тошкент вақти билан 11:04 да парвозни бошлаган.

Компаниянинг “Kun.uz”га берган маълумотига кўра, рейс 15:00да Тошкентга етиб келади.

Шунингдек, авиакомпания бугун, 16 июль куни соат 17:50 Тошкентдан Истанбулга учадиган HY273 рейси бекор қилинмагани маълум қилди.

Маълумот учун, HY274 рейси Туркиядаги ҳарбий давлат тўнтаришига бўлган ҳаракат ва Истанбулдаги Отатурк аэропортининг ёпилиши сабабли 9 соатдан кўпроққа кечиккан эди.