Hyundai компанияси фикр кучи билан бошқариш мумкин бўлган i20 хэтчбегини яратди. Тажриба Driven By Optimism кампаниясининг бир қисми ҳисобланиб, унда компания янги технологиялар ва инсон ақли билан "оддийликдан қочишни" истамоқда.   

Тажрибада миянинг электроэнцефалограммасини ўқиб, уни оддий буйруқларга айлантира оладиган махсус гарнитурадан фойдаланилган. Сўнгра буйруқлар актуаторларни бошқарадиган компьютерга юборилган. Ижобий фикрлар акселераторни, чалғиган, нейтрал фикрлар тормозни фаоллаштирган. Рулни орқа ўриндиқда ўтирган муҳандис бошқарган.

Автомобиль синовларида жорий декабрда Атлантика океани бўйлаб ўтадиган эшкак пойгаси Talisker Whisky Atlantic Challenge’да қатнашадиган Atlantic Endeavour жамоаси аъзолари ҳамда кўриш қобилиятини йўқотган ва 15 йилдан бери автомобиль ҳайдамаган Марк Элкок ва персонал ўсиш бўйича инструктор Анна Рей иштирок этдилар. 

Аввалроқ автомобилни фикр кучи билан бошқариш бўйича тажрибаларни АҚШнинг Touch Titans компанияси амалга оширган, 2011 йилда эса Nissan компанияси бундай тизимни Лозанна олий федерал политехника мактаби билан биргаликда ишлаб чиққанини эълон қилган.