Нюрнберг полицияси Санъат ва дизайн янги музейига ташриф вақтида 116 минг долларлик суратда тасвирланган кроссвордни ечиб, унга шикаст етказган 91 ёшли аёлни ҳибсга олиб, кейин қўйиб юборди, деб маълум қилмоқда ОАВ.

Кампир ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига сурат юқорисида "Сўзни қўй" деган ёзувни кўриб, шундай қилиш керак экан деб ўйлаганини айтган. Аёл полициядан қўйиб юборилди, унга нисбатан иш қўзғалмади.  

Музей директори Эва Краузенинг айтишича, полиция суратга шикаст етказилгани сабабли суғурта ҳодисасини расмийлаштириш учунгина чақирилган. Гап шундаки, даниялик авангардчи-рассом Артур Кепкенинг сурати хусусий коллекционердан ижарага олиб турилган бўлган. Сурат 116 минг долларга баҳоланган бўлган, энди бу пуллар суғурта компаниясидан қопланади. "Коллекционернинг ўзи бу ҳодисани юмор билан қабул қилди. Аёлга ҳеч ким эътироз билдирмоқчи эмас. У тинчгина ухлайверса бўлади", деб ҳазил аралаш айтди музей директори.