Аралаш кураш Бутунжаҳон уюшмаси (WMMAA) россиялик жангчи Фёдор Емельяненко билан жанг қилган бразилиялик жангчи Фабио Мальдонадонинг шикоятини қондирди ва жанг натижасини ўзгартирди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати маълум қилди

Уюшма уч ҳакамдан икки нафари жанг натижасини Емельяненко фойдасига (28:28, 29:28, 29:28) чиқарганига қарамасдан, жанг натижасини дуранг деб тан олди. Жанг 17 июнда  Санкт-Петербургда Fight Nights турнири доирасида бўлиб ўтганди.

Жанг қарорини қайта кўриб чиқишга сабаб манфаатлар зиддияти бўлди. Емельяненко ва жангнинг бош ҳаками Радмир Габдуллин Россия ММА иттифоқи билан меҳнат муносабатларига эга. 39 ёшли жангчи ташкилотни бошқаради, ҳакам эса унинг вице-президенти ҳисобланади. WMMAAнинг фикрича, бу ҳолат суд қарорига таъсир қилган бўлиши мумкин.

ММА’нинг етакчи статистик портали Sherdog.com ҳам жанг натижасини дурангга ўзгартирди.

Аввалроқ 15 июлда Радмир Габдуллин Россия ММА иттифоқи жанг натиижасини ўзгартирмаслигини маълум қилганди. "Халқаро ҳаваскор ташкилоти бўлган WMMAA ўз фикрини билдириши мумкин, бироқ Россиядаги профессионал промоушендаги суд қарорига таъсир қилишга ҳуқуққа эга эмас", деб айтди Габдуллин ТАСС ахборот агентлигига.