Анқарада 200 нафар қуролсиз аскар ҳарбий штабларни тарк этиб, полицияга таслим бўлди, деб хабар бермоқда турк ОАВларига иқтибос келтирган ҳолда Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги. 

Агентликнинг таъкидлашича, бу аскарлар бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий тўнтаришга уринишдан кейин ҳибсга олинган 1563 нафар ҳарбий қаторига кириш-кирмаслиги номаълум қолмоқда. 

15 июль кечки пайт Туркия раҳбарияти мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уриниш бўлганини эълон қилди. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бўлиб ўтаётган воқеаларни ҳарбийларнинг кичик гуруҳининг исён кўтаришга уриниши деб атаб, мамлакат фуқароларини кўчаларга чиқишга ундади. Ўз навбатида Туркия бош вазири Биноли Йилдирим тўнтаришни теракт деб атади ва ҳукумат ишлашда давом этаётганини таъкидлаб ўтди.