АҚШ президенти Барак Обама АҚШда мусулмонларни террорчиликка алоқадорликка текшириш ғоясини "жирканч" деб атади.

"Кеча Ниццадаги ҳужум ортида Американинг барча мусулмонлари уларнинг мафкураларини текшириш нишони бўлишлари, баъзиларини эса депортация қилиш ёки қамоққа қамаш такифларини эшитдик. Ўз-ўзидан бундай таклиф жирканчдир", деб айтди Обама Вашингтонда ишловчи дипломатик миссиялар раҳбарлари олдидаги нутқида. 

"Террорчилик олдида биз ҳаммамиз америкаликмиз", деб таъкидлаб ўтди Обама.

Обама бундай хавф олдида мамлакат фуқаролари "қўрқувга енгилмасликлари" ёки "ўз турмуш тарзларини қурбон қилишлари керак эмаслигини" таъкидлаб ўтди. "Биз диний аломат бўйича ажратишга йўл қўймаслигимиз керак – бу террорчилар эришмоқчи бўлаётган нарсадир. Бу ерда, АҚШда, бизнинг эркинликлар, жумладан диний эътиқод эркинлиги бизни кучлироқ қилади ва биз сергак ҳамда хавфсизлигимиз ва эркинликларимизни ҳимоялашимиз керак", деб қўшимча қилди Обама.

Аввалроқ АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп АҚШга мусулмонлар учун киришни чеклаш ҳақидаги ғояни билдирганди.