Туркиядаги ҳарбий тўнтарув ҳаракатининг иштирокчилари Анқара террорчи ташкилот деб ҳисобловчи - мамлакатда тақиқланган Курдистон Ишчилар партияси (КИП) аъзоларидан-да ёмон, дея маълум қилди Туркия бош вазири Бинали Йилдирим. 

“Давлат пулига давлат қуроли, бомбаси, танклари, самолётлари, вертолётлари билан ўз фуқароларга қарата ўт очган кишилар КИПнинг террорчиларидан-да ёмон ва разил”, - деди Йилдирим журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлардан иборат гуруҳ мамлакат ҳукуматини қўлга олишга ҳаракат қилди. Истанбул ва Анқара кўчаларига ҳарбий техникалар чиқди. Шаҳар ичида олиб борилган тўқнашувдан кейин Миллий разведка ташкилоти вакили Нуҳ Йилмаз ҳамда мамлакат президенти Тойиб Эрдўған давлат тўнтарув ҳаракатига барҳам берилганини маълум қилди.