Туркияда ҳокимиятни қўлга олишга уринишда иштироки учун ҳибсга олинган турк аскарлари сўроқ вақтида улар дастлаб барча бўлаётган воқеаларни оддий ўқув машғулотлари деб қабул қилишганини айтишган. Бу ҳақда Hurriyet газетаси маълум қилди. 

"Одамлар танкларга чиқа бошлашгандан кейин биз барчасини англадик", деб айтди ҳарбийлардан бири. Унинг 10 зобит ва 67 аскардан иборат гуруҳи Истанбулнинг Отатурк аэропортида қўлга олинган.

Гумонланувчиларнинг айтишича, уларни бошқарган полковник полиция отрядлари келгандан чекинишни буюрган.

CNN Turk телеканалининг маълум қилишича, Анқарада бош штаб биноси яқинида ўтказилган исёнчиларга қарши операция  якунланган. Давлат тўнтарувининг қўлга олинган тарафдорлари бинодан кишанларда олиб чиқилиб, автобусларга ўтказилган. Уларнинг орасида Туркия қуролли кучларининг 13 нафар юқори лавозимдаги зобити бўлган.     

Туркия 15 июлда бир гуруҳ ҳарбийлар мамлакатдаги ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлган. Анқара ва Истанбул кўчаларида отишмалар, портлашлар юз берган, оғир техника киритилган. Бироқ давлат тўнтарувининг олди олинди. Ҳозирда ҳам мамлакатда қарама-қаршилик ўчоқлари сақланиб қолмоқда. Фитнага алоқадор бўлган уч мингга яқин гумонланувчилар ҳибсга олинган, тартибсизликлар оқибатида 180 га яқин киши ҳалок бўлган.