Туркияда ташкил этилган ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш чоғида бир неча жанговар вертолётлар мамлакат разведкаси бош қароргоҳига ҳужум қилган, деб хабар қилмоқда Reuters ўз манбасига таянган ҳолда.
 
Ушбу ҳужумлар оқибатида 3 киши яраланган. Разведка хизмати раҳбари Ҳоқон Фидан хавфсиз жойда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва бош вазир Бинали Йилдирим билан алоқада бўлиб турган. 

Агентликнинг аниқлик киритишича, разведка бошқармаси Туркия қуролли кучлари, полиция ва ҳукумат билан ҳамкорликда мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган ҳарбийларга қарши махсус амалиётни давом эттирмоқда. 

Аввалроқ, Эрдўған тарафдорлари исёнчиларнинг иккинчи вертолётини ҳам уриб туширгани хабар қилинган эди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиядаги сўнгги воқеаларда қурбон бўлганлар сони 90 нафарга етган, мингдан ортиқ одам яраланган.