Арманистон пойтахти Ереван яқинидаги Эребуни туманида полиция патруль-пост хизмати полкига ҳужум қилиб, одамларни гаровга олган қуролли гуруҳ террористик ҳаракат содир этган. Бу ҳақда Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати баёнотида айтилган.

Арманистон МХХ қуролли қаршилик кўрсатмасдан таслим бўлишга чақирмоқда.

"Давлат органлари вакиллари террорчилар билан гаровдаги кишиларни озод этиш бўйича музокара олиб бормоқда. Воқеа жойига келтирилган махсус жангчилар жанговар ҳолатда турибди. Ҳозирча қамал қилиш ёки бошқа турдаги фаол ҳаракатларга киришиш бўйича буйруқ берилмади", дейилган МХХ хабарида.

Бугун, 17 июль куни бир гуруҳ қуролли шахслар полиция патруль-пост хизмати полки ҳудудидаги кириб, у ердаги одамларни гаровга олди. Ҳужум вақтида 1 киши ҳалок бўлиб, 2 киши жароҳатланган.

Бундан олдинроқ мухолифатчилар 7 полициячи ва 1 генерални гаровда тутиб тургани маълум бўлганди.

Гаровдагилар орасида Ереван полицияси бошлиғи ўринбосари полковник Валерий Осипян бор. Ҳужум уюштирганлардан бири — Павел Манукян видеомурожаат орқали ўз сафдошлари Жирайр Сефиляннинг озод қилиниши ҳамда ҳукуматнинг истеъфога чиқишини талаб қилди.