Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатда қуролли қўзғолон бошлангани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

«Новости Армении» порталида эълон қилинган Арманистон МХХ баёнотига кўра, мамлакатда барча давлат ҳокимияти органлари одатдаги тартибда ишламоқда, полиция эса жамоатчиликни ҳимоя қилиш бўйича вазифаларини бажаришда давом этмоқда.

МХХ ижтимоий тармоқларда шу ҳақда тарқалган хабарларни ҳақиқатга тўғри келмайди деб баҳолаган.

Шу билан бирга, баёнотда ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларга дарҳол чек қўйилиши, уларни содир этган шахслар қўлга олиниб, жазоланиши маълум қилинган.

Айни пайтда қуролли шахслар билан ҳукуматга таслим бўлиш масаласида музокара олиб борилаётгани қайд этилган.

Бугун куннинг биринчи ярмида бир гуруҳ қуролланган кишилар Ереван яқинидаги Эрубуни туманида полиция патруль-пост хизмати полки ҳудудидаги кириб, у ердаги одамларни гаровга олди.

Кўп ўтмай уларнинг тарафдорлари ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали қуролли қўзғолон бошлангани ва Арманистондаги вазият ўзгариши ҳақида хабар тарқатди.