Ўтган мавсум якунларига кўра, АПЛнинг энг яхши футболчиси деб топилган «Лестер» ярим ҳимоячиси Риёз Маҳрез «Барселона»га ўтиши мумкин.

El Mundo Deportivo нашри маълумотига кўра, каталонияликлар клуби ушбу 25 ёшли жазоирлик футболчи учун курашда етакчилик қилмоқда. Футболчининг ўзи 2019 йилгача тузилган шартномасини узайтиришдан бош тортган.

«Лестер» Маҳрезга йилига 6 миллион евродан юқори миқдордаги маошни таклиф қилган, лекин футболчи рози бўлмаган. Футболчининг ҳозирги маоши ҳафтасига 35 минг фунтни ташкил қилади, янги шартномага кўра бу миқдор 80 минг фунтга етиши кўзда тутилган.

Футболчининг вакиллари ва «Барселона» томони воситачилар орқали музокараларни бошлаган.

Бундан олдинроқ, «тулкилар» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери Маҳрезнинг жамоада қолишига ишонч билдирганди.

Маҳрез 2014 йилнинг январида «Гавр»дан 375 минг фунт эвазига трансфер қилганди. Ўтган вақт ичида у юқори савиялик футболчига айланди ва энди ўз омадини «Кинг Пауэр»дан ташқарида синаб кўрмоқчи. 

Маҳрезга «Арсенал» томонидан жиддий қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Манба: Tribuna.uz