Биатлон афсонаси, 8 карра Олимпия чемпиони, норвегиялик Уле-Эйнар Бьорндален ва 3 карра Олимпия чемпиони, беларуслик Дарья Домрачева турмуш қуришди. Бьорндален тўйдан олинган суратларни фейсбукда жойлаштирди.

"Қандай ажойиб кун!", деб сурат остида рус, норвег ва инглиз тилларида изоҳ қолдирди куёвбола.

Аввалроқ жуфтлик 2016 йил октябрда туғилиши керак бўлган фарзанд кутаётганлари маълум қилинганди. Бьорндален интервьюлардан бирида Домрачева ҳомиладор пайтида ҳам машғулотларни давом эттиришини айтган. Домрачева янги йилдан кейин мусобақаларда иштирок этишни давом эттирмоқчи.

2013 йилда норвег 7 йиллик турмушдан кейин италиялик биатлончи Натали Сантер билан ажрашганди. Бу никоҳ унга фарзанд келтирмаган.