Греция бош вазири Алексис Ципрас Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон мулоқоти чоғида мамлакатдан бошпана сўраб келган 8 нафар туркиялик исёнчи ҳарбий масаласида тез орада қарор чиқарилишини билдирган. Бу ҳақда Reuters хабар берган.

Ципрас бу иш "халқаро келишувлар ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат" асосида кўриб чиқилишини айтган.

Грецияликлар бош вазири матбуот хизмати хабарига кўра, у фитнани қоралаган ва Туркия халқига ҳамдардлигини баён этган.

16 июль куни Туркияда ҳарбийларнинг давлат тўнтариши амалга ошириши муваффақиятсиз якунлангач, мамлакатни 8 нафар ҳарбий Black Hawk вертолётида тарк этган ва Афинадан бошпана сўраган.

Бундан олдинроқ, Греция ҳукумати бу вертолётни Туркияга қайтариши ҳақида хабар қилинганди. 

Туркия ва Греция ҳукуматлари Туркиядаги давлат тўнтаришида қатнашган ҳарбийларни иложи борича тезроқ Туркияга қайтариш борасида музокаралар олиб боришган. Қочоқларнинг ўз мамлакатларида конституцион тизимга қарши ҳаракат қилганлари бу жараённи тезлатиши мумкин.

Аввалроқ Туркияда давлат тўнатиришини амалга оширишга уринган ҳарбийларга нисбатан энг оғир жазо қўлланиши айтилган эди. Туркия бош вазири мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинганига қарамай бундай жиноятчиларни жазолаш учун қайта тикланиши мумкин экани ҳақида маълум қилганди.