"Шанхай Шэньхуа" жамоаси ҳужумчиси Демба Ба Хитой Суперлигасининг 17-турида "Шанхай СИПГ" жамоасига қарши ўйин вақтида жиддий жароҳат олди. 

Ўйиннинг иккинчи бўлими вақтида "Ньюкасл" ва "Челси" жамоаларининг собиқ футболчиси ортидан келган рақибнинг ҳаракатидан кейин оёғини синдириб олди. Бу ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Футболчи бу жароҳат туфайли узоқ вақтгача футбол ўйнай олмаслиги, ҳатто фаолиятини якунлаши мумкин.

31 ёшли Демба Ба "Шанхай Шэньхуа" жамоасига ўтган йилнинг ёзида Туркиянинг "Бешиктош" жамоаси сафидан келиб қўшилганди.