Греция ҳукумати мамлакатга сиёсий бошпана сўраб Туркиядан ўтиб келган 8 нафар ҳарбийни чегарани ноқонуний бузиб ўтишда расман айблади.

16 июль куни эрталаб Грециянинг Туркияга яқин ҳудудда, мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Александруполис шаҳридаги аэропортга туркияликларнинг ҳарбий вертолёти қўнди. Унда 8 нафар туркиялик ҳарбий бўлган.

Уларнинг адвокати Греция телевидениесига берган интервьюсида ўз мижозлари Грецияга Туркия полицияси ўт очганидан сўнг қочиб ўтгани, улар давлат тўнтаришида иштирок этмагани ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, туркиялик қочқинлар шунчаки ўз жонларини асраш ҳақида қайғуриб ҳаракатланган.

Туркия эса бу қочқинларни экстрадиция қилишни талаб этмоқда.

Бундан олдинроқ Греция бош вазири Алексис Ципрас Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти вақтида унга Грецияга қочиб ўтган ҳарбийлар масаласини тезда ҳал этишга ваъда бергани хабар қилинганди.

Эрдўғон Греция ҳукумати ва шахсан ўзининг ҳарбий тўнтариш борасида тутган йўли учун Ципрасга миннатдорлик билдирди. Бош вазир демократия қадриятлари ва конституциявий қонунчиликка қўшилиш грек халқи учун принципиал масала эканлигини таъкидлади.

Ципрас Грецияга вертолётда учиб келган саккиз туркиялик ҳарбийнинг сиёсий бошпана бериш борасидаги сўровларини кўриб чиқиш жараёни қисқа бўлиши, бироқ халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича шартномаларга мутлақо ҳурмат доирасида кечишини таъкидлади.

Туркияда ҳарбийлар исёни