“Фейсбук” ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳида A380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автойўлининг 185-километридаги кўприкнинг бир қисми қулагани ҳақида фотохабар қолдирилди. Кўприк Аму-Бухоро канали устидан ўтган бўлиб, Қоровулбозор–Бухоро йўналишида жойлашган.

Маълум бўлишича, кўприкнинг беш тирагичи оралиқларидан бири тушиб кетган ва бунинг оқибатида иншоотнинг тўсинлари қулаган.

Скриншот: Google Maps

Uz24 хабарига кўра, енгил автомашиналар кўприк устидан ҳаракатланишда давом этади, юк машиналари эса уни айланиб ўтиб, 25 километр ортиқча йўл юради. Таъмирлаш ишлари тез орада якунланиши кутилмоқда.

Халқаро аҳамиятга молик A380 автойўли Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистондан ўтиб, Қозоғистонда якунланади.