АҚШ Давлат департаменти Жон Керри Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан мулоқот чоғида расмий Вашингтон Туркия ҳукуматини қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, АҚШ бу мамлакатда ҳарбий тўнтариш амалга оширилишига алоқадор эмаслигини таъкидлади ва бу борадаги айбловни рад этди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати бошлиғи Жон Кирби баён қилган.

"У АҚШ ҳукумати Туркияга давлат тўнтариши бўйича текширувлар ўтказишда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. У бу борадаги айбловлар ва туҳматларни расман рад этиб, бундай бўҳтонлар икки давлат муносабатларига зарар келтиришини айтди", деган Кирби.

Бундан олдинроқ, Туркия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Сулаймон Сойлу Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ортида АҚШ турганини айтганди. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ҳарбий исён АҚШда ўтган асрнинг 90-йиллари охиридан бери истиқомат қилувчи мухолифат раҳбари Фатҳуллоҳ Гулен томонидан ташкиллаштирилгани, АҚШ уни Туркия ҳукуматига топшириши кераклигини билдирганди. Шунингдек, Туркия бош вазири Биноли Йилдирим журналистлар олдида "Гуленни яшираётган АҚШ Туркияга дўст эмаслиги"ни айтган.

Керри ҳали Туркия томони эктадиция талаб қилмагани, шундай ҳолат юз берган тақдирда АҚШ томони Гуленнинг 16 июлга ўтар кечаси юз берган ҳарбий тўнтаришга уринишга алоқадор эканлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни Туркиядан талаб қилишини айтди.

Собиқ имомнинг ўзи эса унга қўйилаётган барча айбловларни рад этмоқда ва аксилконституциявий тўнтаришни қўллаб-қувватламаслигини билдирмоқда.

16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлар Туркиядаги ҳокимиятни ўз қўлига олишга уриниб кўрди. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақирди. Тонгга яқин Туркия ҳукумати мамлакатдаги вазият назорат остига олинганини маълум қилди. Исёнчиларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

Туркия бош вазири 2839 нафар ҳарбий ҳибсга олинганини маълум қилди. 5 генерал, 28 полковник ўз лавозимидан маҳрум этилган, ҳарбий тўнтаришга уринишда иштирок этган яна бир генерал эса ўлдирилган.

Охирги маълумотларга кўра, ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уриниш вақтида юз берган тўқнашувларда 265 киши қурбон бўлган, 1440 киши жароҳатланган.