The National Interest журнали 2030 йилда дунёнинг асосий армиялари жанговор ҳаракатлар характери ўзгаришларига мослашганларида ҳарбий куч мувозанати қандай бўлишини тахмин қилиб кўрди. 

Нашрнинг таъкидлашича, совуқ уруш якунлангандан бери ҳарбий операциялар кўриниши ўзгарди. Ҳозирда бирор ҳудуд учун жангда иккита назарий ва технологик жиҳатдан бир-бирига ўхшаш ҳарбий кучлар тўқнашаётган вазиятлар кам учрайди. Бундай кўринишдаги жанговор ҳаракатларни олиб боришга тайёргарчилик ҳали ҳам муҳим, бироқ секин-аста олдинги қаторга полиция ва исёнчиларга қарши операциялар чиқмоқда.

Ушбу рейтингни тузиш методологиясида учта савол ётади: армия миллий захираларга эгами (жумладан инновацион технологик база), унда сиёсий ҳокимият томонидан етарлича қўллаб-қувватлов борми (армияни ҳокимиятдан мустақиллигини маҳрум қилмайдиган) ва реал шароитларда инновацион янгиликлар синовини ўтказишга имконият борми.

Қуйида 2030 йилга келиб дунёда энг қудратли армияга эга бўладиган 5 давлат келтирилган.

Россия

Журналнинг таъкидлашича, совуқ уруш якунлангандан кейин Россия армияси қайта ўзгариш ва захираларга эга бўлишни тиклашнинг оғир давридан ўтишига тўғри келди. Иқтисодий ўсиш шароитида бу армияга инвестициялар келди, турли йилларда сара қўшинларда ўтказилган ислоҳотлар Россияга Чеченистон ва Жанубий Осетияда иккита муваффақиятли операция ўтказишга имкон берди.

Келажакда қуруқликдаги қўшинлар собиқ иттифоқ парчаланиб кетгандан кейин тикланаётган Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг технологияларига эга бўлишда муаммоларга дуч келиши мумкин. Бироқ Россия армияси ўзининг устунликлари – сони ва шахсий таркибнинг руҳий кучини узоқ вақт сақлаб қолади. 

АҚШ

The National Interest шарҳловчиси Роберт Фарли фикрича, АҚШ армияси 2030 йилга келиб дунёнинг энг кучли қуруқликдаги бўлинмаси мақомини сақлаб қолади. АҚШ армиясининг юқори тайёргарлик даражаси ҳарбий-саноат мажмуасидаги инновациялар тизимининг ривожланиши ҳисобига таъминланади. Бу тизимлар АҚШ қуролли кучларининг барча бўлинмалари – ҳарбий-денгиз, ҳарбий-ҳаво кучлари ва денгиз пиёдаси корпуси учун очиқдир.

Бундан ташқари, АҚШ армияси "яхши формада", чунки у Ироқ ва Афғонистонда 15 йилдан бери "террорга қарши уруш олиб бормоқда", бу эса Ҳиндулар уруши давридан бери доимий жанговор ҳаракатлар олиб борилаётган энг узоқ давом этган даврдир. Бироқ доимий таранглик ўзида бўлинманинг тўхтамаётган урушлар оқибатида кучсизланиши каби кўплаб хатарларга олиб келиши мумкин.

Хитой

АҚШ армияси каби Хитой халқ-озодлик армияси қуруқликдаги қўшинлари денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучлари билан захира базасини бўлишадилар. Хитойнинг дунёнинг энг бой ва жадал ривожланаётган давлатлардан бирига айланиши билан мамлакат қуролли кучларида ҳам ўзгаришлар юз берди. Қуролли кучлар молиялаштириш ва инновацион секторга киришга рухсат олди ва 2000-йилларда замонавий ҳарбий ташкилотга айланди. Хитой армиясининг асосий устунлиги унинг миқёси ҳисобланади, бундай катта сондаги армия дунёнинг бирорта давлатида йўқ, камчилиги эса охирги марта Хитой-Вьетнам урушида (1979 йил) олинган жанговор тажрибанинг деярли йўқлиги ҳисобланади.

Ҳиндистон 

Хитой армиясида йўқ жиҳатлар, Ҳиндистон армиясида етарлича миқдорда бор: Ҳиндистон қуруқликдаги қўшинлари мамлакат ичида маочиларга қарши операциялар ўтказганлар ва Кашмирда Покистон томонидан қўллаб-қувватланадиган кучларга қарши курашганлар. 

Ҳиндистон армиясининг камчилиги унинг юқорида айтиб ўтилган армиялардан технологик ортда қолиши ҳисобланади. Нью-Деҳли бу камчиликни импорт ҳисобига қоплайди – мамлакат Россия, АҚШ, Европа ва Исроил қурол бозорига чиқишга эга, бироқ истиқболда бу армияга кўпроқ инновацион ишланмалар талаб этилади. 

Франция

The National Interest шарҳловчиси Франция армияси яқин келажакда Европанинг асосий армиясига айланиши, Европа ҳарбий аппарати устидан назоратни қўлга олиши ва унинг хавфсизлик сиёсатини белгилашини тахмин қилмоқда. Франция қуруқликдаги қўшинларига Франция ҳарбий-саноат мажмуасига катта миқдордаги инвестицияларнинг сақланиб қолинишини истовчи ҳукуматнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳам қўл келмоқда.