Франция полицияси Ниццада содир этилган терактга алоқадорлиги гумон қилинган яна бир неча кишини ҳибсга олган. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатди.

Ниццадаги теракт 14 июль куни кечқурун содир бўлди. Бастилия ишғол қилинган кун муносабати билан байрамона мушакбозликни томоша қилишга йиғилган кишиларни юк машинаси босиб кетди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, юк машинаси одамларни деярли икки километр йўл давомида босиб ўтган. Бундан ташқари, ҳайдовчи одамларга ўқ узган. Ҳодиса оқибатида 84 киши ҳалок бўлди, юзлаб кишилар жабрланди.

Ҳужумни уюштирган шахс келиб чиқиши тунислик бўлган франциялик 31 ёшли Муҳаммад Лахуаеж Бухлел бўлган.

ИШИД бу теракт учун жавобгарликни зиммасига олган.

Бундан олдинроқ Француз махсус кучлари Ниццада хатолик туфайли пенсионерлар уйини штурм қилгани ҳақида хабар берилганди.