Туркиядан вертолёт орқали қўшни Грецияга қочиб ўтган ва бошпана сўраган 8 нафар ҳарбий 16 июль куни кечаси амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишга алоқадор эмаслигини билдирган. Улар ўз жонларини сақлаб қолиш учун мамлакатдан кетишган. Бу ҳақда The Times of Changes хабар тарқатди.

16 июль куни Black Hawk русумли вертолёт орқали 8 нафар туркиялик ҳарбий Грециянинг Александруполис шаҳридаги аэропортга қўнди. Ҳарбийлар Греция ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган.

Греция ҳукумати туркияликларни олиб қолиб, вертолётни Туркияга қайтарди.

Грецияга қочиб ўтганларнинг 3 нафари майор, 3 нафари капитан ва икки нафари унтер-офицер экани айтилган.

"Биз давлат тўнтариши режаси ҳақида ҳеч нарса билмасдик. Бу қўмондонларимизнинг иши. Биз бу ҳаракатда қатнашмадик. Бизга икки вертолёт билан Истанбул атрофига бориш буйруғи берилди. Бизга пастдан туриб ўқ узила бошланганида жароҳатланганларни ташиш билан машғул эдик. Биз ўз жонимиз ташвишини қилдик. Биз пастда тартибсизлик бошланганини кўрдик. Шундан кейин қочишга қарор қилдик", деган туркиялик зобитлар.

Александруполис аэропорти энг яқин аэропорт сифатида танланган.

Хабар қилинишича, улар оқловчи ва Туркиядаги оилалари билан алоқа ўрнатиш имконини сўрашган. Ҳарбийлар Грецияда қўлга олинганида комбинезонлар бўлишган. Улар ўзларига фуқаролик либослари берилишини сўрашган.

Якшанба куни туркиялик ҳарбийлар прокурор ҳузурига етказилган.

Афина ахборот агентлиги хабарига кўра, улар Греция ҳудудига ноқонуний кириш ва икки мамлакат муносабатларига зарар келтиришга уринишда айбланди. Улар ўз айбларига иқрор бўлишган ва суд жазоси енгиллаштирилишига умид қилишмоқда.

Суд 18 июль куни бошланади. Жараён бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Туркия ва Греция ҳукуматлари Туркиядаги давлат тўнтаришида қатнашган ҳарбийларни иложи борича тезроқ Туркияга қайтариш борасида музокаралар олиб боришган. Қочоқларнинг ўз мамлакатларида конституцион тизимга қарши ҳаракат қилганлари бу жараённи тезлатиши мумкин.

Аввалроқ Туркияда давлат тўнатиришини амалга оширишга уринган ҳарбийларга нисбатан энг оғир жазо қўлланиши айтилган эди. Туркия бош вазири мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинганига қарамай бундай жиноятчиларни жазолаш учун қайта тикланиши мумкин экани ҳақида маълум қилганди.