Шотландия биринчи вазири (ҳукумат раҳбари) Никола Стержен 2017 йилнинг биринчи ярмида мамлакатнинг Буюк Британия таркибидан чиқиш бўйича қайта референдум ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, агар Буюк Британия ҳукумати Шотландия манфаатларини эътиборга олмасдан ЕИдан чиқиш бўйича расман ҳаракат бошласа, шотландларнинг қандай ҳаракат қилиши тайин.

Вазир ўз интервьюсида Буюк Британия ЕИни тарк этса ҳам Шотландия иттифоқ таркибида қолиши мумкинлигини айтиб ўтган.

Европа Иттифоқининг айрим давлатлари Брюссель ва Эдинбург ўртасида Шотландиянинг ташкилотда қолиши эҳтимоллари бўйича ўтказилган музокараларга қаршилигини билдириб чиқди.

15 июль куни Буюк Британиянинг янги бош вазири Тереза Мэй Шотландия пойтахтига ташриф буюриб, Стержен хоним билан "брексит" масаласини муҳокама қилган.

Ўтган ойнинг 23 июнида Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши масаласида ўтказилган референдумда Brexit тарафдорлари ғалаба қозонгач, Шотландия расмийлари Евроиттифоқда қолиш учун барча имкониятлар ишга солиниши ва Буюк Британиянинг иттифоқдан чиқиши тўғрисидаги қонунга вето (тақиқ) қўйилишини билдирди.

Никола Стержен Буюк Британияни Евроиттифоқдан чиқаришга бўлган ҳаракатлар жиддий зарар ва оғриқли асоратларга олиб келиши, у «Шотландияни бундан ҳимоя этишни исташи ва ҳаракат қилиши»ни маълум қилганди.

2014 йилда ўтказилган референдум чоғида шотландияликларнинг 55,3 фоизи Буюк Британия таркибида қолишни ёқлаб овоз берган эди. Аммо Brexit юзасидан ташкил этилган референдумда шотландияликларнинг кўпчилик қисми (62 фоиз) Евроиттифоқ таркибида қолиш ниятини билдирди.