Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли америкалик ҳамкасби, АҚШ Давлат департаменти раҳбари Жон Керрига мамлакатда давлатга тўнтариши амалга оширишга уриниш ортида тургани гумон қилинаётган Фатҳулло Гулен ҳақида тушунча берган, бироқ АҚШ расмийси билан уни Туркияга топшириш масаласини муҳокама қилмаган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

"Бизнинг кечаги сўзлашувимизда экстрадиция масаласи муҳокама қилинмади. Лекин мен яна бир бор давлат тўнтариши Гулен томонидан ташкиллаштирилгани ҳақида тўғридан-тўғри гапирдим", деган Човушўғли интервью вақтида.

Туркия ТИВ бошлиғининг айтишича, эндиликда Туркия армиясини "Гуленизм" тарафдорларидан "тозалаш" амалга оширилиши керак.

"Тозалаш ишлари якунланганидан кейингина, бизнинг армиямиз янада кучлироқ бўлади", дея қўшимча қилган дипломат.

Бундан олдинроқ, Эрдўған ҳарбий тўнтаришнинг ғоявий раҳбари ва ташкилотчиси сифатида айнан мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленни айтиб, АҚШ уни мамлакат ихтиёрига топшириши кераклигига чақиргани хабар қилинганди.

Жон Керри эса расмий Анқарадан бунга далил талаб қилди.

Туркия ҳукумати тўнтариш ортида айнан Гуленнинг "параллел ҳукумати" турганини ва уни яширган мамлакат Туркияга дўст бўлмаслигини таъкидлади. Гулен эса бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини айтмоқда.