Туркия ҳукумати Инжирлик ҳарбий авиабазаси бошлиғи генерал Бекир Эржон Ванни қўлга олди. Рейтер агентлигининг туркиялик амалдорга асосланиб хабар қилишича, у давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланмоқда.

Бундан олдинроқ Туркия ҳукумати авиабазага киришни ёпиб қўйгани хабар қилинганди. Кейинроқ маълум бўлишича, база ҳудудида бир қанча амалдорларни қамоққа олиш ишлари ўтказилди.

Туркия ҳукумати шу вақтгача армиянинг ўрта ва олий бўғини вакилларидан 6000 нафарини давлатга хиёнатда айблаб ҳибс қилди.

Инжирлик авиабазасидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция (АҚШ, Буюк Британия, Германия, Саудия Арабистони, Қатар) самолётлари Суриядаги ИШИД позицияларига зарба беришда фойдаланиб келарди. 16 июль куни кечқурун Пентагон Туркия ўз ҳаво кенгликларини ёпиб қўйгани учун ИШИДни бомбалаш ишлари вақтинчаликка тўхтаганини маълум қилди.

Туркияда ҳарбийлар исёни