Ўтган дам олиш кунлари Венесуэланинг 120 минг фуқароси озиқ-овқат ва дори-дармон олиш учун қўшни Колумбияда бўлиб қайтди. Колумбия ТИВ маълум қилишича, бу жараёнда ҳеч қандай кўнгилсизликлар содир бўлмаган. Бу ҳақида ТАСС хабар беради. 

“Ўтган якшанба куни 88,68 минг нафар венесуэлалик Колумбия яратган имкониятдан фойдаланиб, Норте-де-Сантандер ва Араука департаментида энг зарур маҳсулотларни қўлга киритиш учун мамлакат ҳудудини тарк этган”, - дея маълум қилинган Колумбия ташқи ишлар вазирлигида. Ўтган шанба куни эса 35 минг киши чегарани кесиб ўтган. 

Сўнгги бир неча йил давомида Венесуэла мураккаб иқтисодий ва молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда, охирги икки йилда эса мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефть нархининг тушиши натижасида ушбу вазият янада оғирлашди. Жорий йилнинг май-июнь ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон танқислиги шу даражага етдики, мамлакатдаги юзага келган ҳолатдан норози фуқаролар ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувларгача боришди. 

Президент Николас Мадуронинг сиёсий рақиблари назорати остида бўлган Венесуэла миллий ассамблеяси (парламент) жорий йилнинг февраль ойида озиқ-овқат соҳасида фавқулодда вазият юзага келганлигини эълон қилган. Депутатларнинг фикрича, ҳукуматнинг нотўғри ҳаракатлари туфайли мамлакат “гуманитар инқироз”га тўқнаш келган.