Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ва Жаҳон бокс ташкилоти (WBO) версиялари бўйича супер оғир вазнда жаҳон чемпиони Тайсон Фьюри сенсацион равишда твит қолдирди. У твиттердаги расмий саҳифасига ўзининг ноанъанавий жинсий ориентацияси ҳақида ёзган.

"Шуни тан олишни истардимки, мен гейман", дея ёзган боксчи.

Унинг бу твити жиддий маънода ёки ҳазиломуз оҳангда экани аниқ эмас.

Манчестерда яшовчи 27 ёшли бу боксчи 2008 йилнинг декабрида анча йиллик муносабатлари бўлган Пэрис исмли қизга уйланган. Уларнинг Венесуэла исмли қизи ва Принс исмли ўғли бор.

Фьюри–Кличко ўртасидаги реванш жанги 29 октябрида Манчестер шаҳрида бўлиб ўтади. Жанг 9 июль кунига белгиланганди, лекин Фьюри жароҳати туфайли жангни қолдирди.

Боксчилар ўртасида 2015 йил ноябрида Германияда ўтказилган 12 раундли жангда дастлабки жангда ҳакамларнинг якдил қарорига кўра британиялик боксчи ғалаба қозонган эди.