Арманистонда Еревандаги полиция биносига ҳужум қилинишига алоқадорлиги гумон қилинган 200 нафарга яқин киши қўлга олиниб, тергов қилинди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар тарқатди.

Қайд этилишича, улар «Таъсис парламенти» мухолиф ҳаракатига алоқадорлиги текширилган.

Айни вақтда ҳукумат қўлга олинганларнинг 50 нафарини қўйиб юборган.

Улар орасида Давид Санасарян, Андриас Гукасян ва Шаэн Арутюнян каби ҳуқуқ фаоллари номлари бор.

17 июль куни маҳаллий вақт билан соат 05:00 да мухолиф ҳаракатнинг бир гуруҳ қуролли тарафдорлари мамлакат пойтахти Ереван жанубидаги Эребуни туманида жойлашган полиция патруль-пост хизмати полкини қўлга олган, у ердаги саккиз кишини гаровга олган эди. Ҳужум чоғида полк биноси бошлиғи ўринбосари, полковник Артур Ваноян ҳалок бўлган.

Қуролли гуруҳ мухолиф сиёсатчи, «Янги Арманистон» жамоат қутқарув жабҳаси етакчиси Жирайр Сефилянни ҳибсдан озод этишни ҳамда ҳукумат истеъфосини талаб қилди.