Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ереван жанубидаги полиция биносини гаровга олган гуруҳ яна икки кишини қўйиб юборган. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатган.

"18 июлга ўтар кечаси олиб борилган узоқ музокаралардан кейин яна бир полициячи ва бир ҳайдовчи озод қилинди. Қуролли гуруҳ юқори лавозимли асирларини озод қилишдан ҳамда қуролларни топшириб таслим бўлишдан бош тортмоқда. Ҳужум оқибатида гаровга олинганларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолмоқда", дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ Ереванда полиция биносини қўлга олган қуролланган мухолиф гуруҳ гаровдагилардан бирини озод қилгани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда яна 3 киши гаровда қолмоқда. Улардан иккиси Арманистон ва Ереван полицияси бошлиғининг ўринбосарлари Вардан Егиазарян ҳамда Валерий Осипян.