Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми ўтказилади

Жамият 18 Июль 2016 5861

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Республика ёш тадбиркорлар ва фермерлари форумини ўтказишни режалаштирмоқда. Форум доирасида кичик бизнес ва фермерликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбатлари, илғор тадбиркорлар ва фермерлар иштирокидаги мастер-класслар, янги бизнес ғоялар ва лойиҳаларнинг тақдимотлари, фотокўргазмалар ташкил этилади. Тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, республиканинг турли худудларидан ёш тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этишади.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Сардор Мариповнинг таъкидлашича, Форумнинг асосий мақсади ёш тадбиркорлар ва фермерлар қўлга киритаётган ютуқларни тарғиб қилиш, уларни янги марраларга ундаш ва улар учун мулоқот майдонини яратишдан иборат. Бугун минглаб ёш тадбиркорлар ва фермерлар Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда. Мамлакатимизда мавжуд жами тадбиркорлик субъектларининг 32 фоиздан ортиғини ёшлар бошқармоқда. Улар мамлакат иқтисодиётига ўз улушини қўшиш баробарида ўз тенгдошларини иш билан таъминлашга ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Республика ёш тадбиркорлар ва фермерлари форуми август ойининг биринчи декадасида “Бугун биз сафдамиз!” шиори остида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Форум ҳақидаги қўшимча маълумотларни www.uzlidep.uz веб-сайтидан олиш мумкин.

Кўпроқ янгиликлар