Ниццада содир бўлган теракт қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун ташриф буюрган Франция вазирлар маҳакамаси раҳбари Мануэль Вальсни халқ норозилик кайфиятида қарши олди. Бу ҳақида Le Figaro нашри маълум қилди. 

Вальс Ниццадаги террор қурбонлари хотирасига умуммиллий сукут сақлаш маросимида қатнашиш учун ташриф буюрди. Бош вазир ва унинг ҳамроҳлари оммада пайдо бўлиши билан йиғилганлар ҳуштак чалиб ва шовқин кўтариб, ўз норозиликларини билдиришди. 

Баъзилар ҳукумат раҳбари истеъфосини талаб қилишди ҳамда  “Шарманда!”, “Қотиллар!” дея қичқиришди. 

Манбага кўра, бош вазир кетаётган чоғида ҳам норозилик намойиши ва ҳуштаклар билан кузатилган. 

18 июлда чоп этилган ижтимоий фикр сўровномасига кўра, французларнинг 67 фоизи мамлакат президенти Франсуа Олланд ва унинг ҳукумати фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳамда террорчиликни мағлуб қилишга қодир эмас, деб ҳисоблайди.