Хитой Рио-де-Жанейрога 416 спортчи билан йўл олади, улар орасида 35 нафар Олимпия чемпионлари бор. Бу ҳақда ХХР давлат жисмоний тарбия ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Цай Чжэньхуа маълумотига асосланиб, “Синьхуа” агентлиги маълум қилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, “бу Хитой спортчилари энг кўп миқдорда қатнашган илк мусобақа бўлади”. Хитой олимпия жамоаси таркибига 160 нафар эркак ва 256 нафар аёл спортчи кирган. Улар 26 спорт тури бўйича 210 та беллашув ўтказишади. Умумий делегация 711 кишидан иборат. Улар ичида 29 нафар хорижлик мураббий ҳам бор. Жамоа таркибидаги энг ёш спортчи 14 яшар Ай Яньхань бўлиб у 200 метрга сузиш ва аёллар эстафетаси баҳсларида иштирок этади. Энг ёши катта спортчи ёзги Олимпиада ўйинлари чемпиони 39 яшар Чэнь Ин бўлиб, ўқ отиш баҳсларида қатнашади.