Расмий Вашингтон Туркия ҳукуматидан Фатхуллоҳ Гуленни экстрадиция қилиш бўйича расмий сўровнома олмаган. АҚШ давлат котиби Жон Керри ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари билан ўтказган амалий нонуштаси чоғида шундай баёнот берган

"Биз Туркиядан экстрадиция бўйича биронта расмий сўров олганимиз йўқ", - деган Керри журналистлар саволига жавоб берар экан. 

"Албатта, шу мазмундаги сўров келса, у Туркия ва АҚШ ўртасидаги келишувга биноан атрофлича ўрганилади. Бироқ, уларда далиллар бўлиши керак, шунчаки баёнотлар эмас", - дея таъкидлаган Керри.

2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркиядаги ҳарбий исёнчилар давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишди. Асосий қарама-қаршилик Истанбул ва Анқара шаҳарларида юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, 190дан ортиқ тинч аҳоли вакили қурбон бўлган, 100дан зиёд исёнчи ўлдирилган. 1,4 мингдан ортиқ инсон яраланган. 

Шу билан бирга, Керрининг уқдиришича, расмий Анқара ҳарбий исёндан кейин тартибни таъминлашда "ҳаддидан ошмаслиги лозим".