Қон босими ўлчанганда, рақамлар 105/70 кўрсаткичидан паст даражани кўрсатса, бу - гипотония (илмий тилда - гипотензия) деб аталади. Унинг аломатлари – бош айланиши ҳамда оғриши, кўнгил айниши, умумий ҳолсизлик. 

1. Шундай инсонлар борки, уларда паст қон босими вегетатив асаб тизимига хос туғма хусусият ҳисобланади. Бу одатда астеник типдаги кишиларда ( бироз нимжон, тери ранги оч бўлган кишилар)
 кузатилади , улар аҳолининг тахминан 7 фоизини ташкил қилади. Бундай инсонлар жуда бардошли ва ишчанлиги билан ажралиб турмайди, лекин фаол ҳаёт тарзи олиб боришади ва қон босими паст эканини сезишмайди, бироқ уларнинг қон босими кўпчилик учун меъёр ҳисобланган (120/80 ) кўрсаткичга кўтарилса,  аҳволи оғирлашади. 

2. Паст қон босими кўпинча юрак соҳасидаги етишмовчилик белгиси ҳисобланади. Бунда қон яхши айланмайди ҳамда томирлар бўшашади. Бундай ҳолатлар юракнинг яллиғланиш – эндо ва миокардитлар фонида юзага келади, бу эса кўпинча ангина ва тумов асорати бўлади. Юрак соҳасидаги бузилишларга ЭКГ жараёнида ойдинлик киритиш мумкин. 

3. Томир дистонияси, бундай ҳолатга икки хил омил сабаб бўлади: симпатоадренал ва парасимпатик (ацетилхолин). Психиатрлар бу борада “Инсоннинг жони юракда эмас, буйракда” деб ҳазиллашишади, ахир стресс гормонлари буйрак устида ишлаб чиқилади-да! 

- Адреналин (“тажовузкор гормон”) инсонни жонлантиради, қон босимини оширади, терлатади, дисфорияни келтириб чиқаради, тажовузкорликни оширади. 

- Ацетилхолин (“заифлик гормони”), аксинча, қон босимини туширади, совуқ тер чиқаради, ёқимсиз заифлик, сиқилиш ва чорасизликни келтириб чиқаради. 
- Баъзи инсонларда аралаш белгилар кузатилади, яъни ацетилхолин ва адреналин реакциялар кетма-кет алмашади. Бу қон босимининг ўйнашига олиб келади,  инсон бир исиб, бир совқотиб, тушунарсиз аҳволга тушади, - дейди психиатр, психотерапевт, психосоматика бўйича мутахассис Анатолий Герман. 

4. Қон босимининг пасайиши баъзи дори воситаларининг акс таъсири бўлиши ҳам мумкин. Қон босимини туширадиган дори воситалари: 
- юрак дорилари (нитроглицерин воситалари, бета-адреноблокаторлар);
- катта дозадаги антибиотиклар;
- оғриқ қолдирувчи дори воситалари;
- оддий тинчлантирувчи дори воситаларининг (корвалол, валокордин, турли гиёҳли дамламалар) катта дозаларда ичилиши. Валерьянка нисбатан енгил таъсир кўрсатади. 

5. Ошқозон яраси ва панкреатит хуруж қилганда, қон босими бирданига тушиб кетиши мумкин. Бундай ҳолатда одатда ошқозон соҳасидаги оғриқдан ташқари умумий ҳолсизлик ва совуқ тер кузатилади. Бу симптоматик гипотония бўлиб, ошқозонни тузатишингиз билан қон босимингиз меъёрга қайтади. Шунингдек ҳар қандай қон кетишида ҳам қон босими пасаяди.

6. Гипотония кўпинча депрессиянинг баъзи кўринишларини ўзида намоён қилади:
- астеник – руҳий тушкунлик. Бунда инсон ўзини жуда чарчаган ҳис қилади ва бу унинг ташқи кўринишида ҳам акс этади, ҳаттоки кескин озиб кетишгача олиб келади. 
- апатик. Бундай кишилар атрофдаги нарса ва ҳодисаларга мутлақо бефарқ бўлиб, ҳеч нима қилишни исташмайди, уларни хурсанд ҳам, хафа ҳам қилиб бўлмайди. 
- ангедоник. Бу - қувонч ҳиссини йўқотиш, ҳис-туйғулардан толиқиш. 
Буюк императорлар ва омадли ишбилармонларнинг депрессияси. 

7. Соғлом кишилар томирларнинг кенгайиши билан боғлиқ тиббий муолажалар олганда, ҳаммом ёки саунага кирганда, иссиқлик ванналарини қабул қилганда, қон босими кескин тушиб кетиш эҳтимоли бор. Буғли хоналарда 5-7 дақиқадан ортиқ туриш тавсия қилинмайди. Шунингдек ҳаммомга кираётганда ёки ундан чиққандан кейин спиртли ичимлик ичиш мутлақо тақиқланади.