Олмаота шаҳридаги ИИВ биносига қуролланган шахслар ҳужум қилиши туфайли 2 полициячи ҳалок бўлгач, Қозоғистондаги телеканалларнинг бир қисми ўчирилди ва онлайн нашрлар фаолияти тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг турли шаҳарларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларига асосланган ҳолда TJ хабар тарқатди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, айни вақтда «Хабар», «Казахстан 24», «Первый канал Евразия», «Седьмой канал», «31 канал», GalamTV телеканаллари ишламаяпти. Шунингдек, бир қатор интернет-каналлар, шу жумладан «Седьмого канала» фаолияти тўхтаб қолган.

Қозоғистонликлар НТВ, «Россия-24», Первый канал, «РЕН ТВ», «РБК ТВ»каби Россия каналлари орқали маълумот олишмоқда.

Шунингдек, Tengrinews.kz ва Nur.kz сайтлари фаолиятида узилишлар кузатилмоқда.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, твиттердан фойдаланишда ҳам муаммолар пайдо бўлган.

18 июль кунининг биринчи қисмида Қозоғистоннинг аввалги пойтахти Олмаота шаҳри марказидаги Алмалинск тумани ИИВ биноси яқинида отишма юз берди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, номаълум шахслар полициячиларни ўққа тутиши натижасида 2 полициячи ҳалок бўлди, 7 нафари жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

Отишма бошлаганлардан бири йўқ қилиниб, яна бир қўлга олинган.

Шаҳарда террорчилик таҳдидининг энг юқори даражаси эълон қилинган. Полиция шаҳар аҳолисига уйларни ва офисларни тарк этмасликни тавсия қилган.