Бугун Олмаотада юз берган отишмалар билан бир вақтда техник муаммолар ва профилактика ишлари туфайли ишламай қолган Қозоғистондаги телеканаллар фаолияти тикланди. Айни вақтда телеканаллар Олмаотада ўтказилаётган аксилтеррор амалиётларни ёритмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Ахборот ва коммуникация вазири Арсен Бектасов ТАСС мухбирига маълум қилган. У 24 соат давомида ишловчи "24.kz" республика телеканали фаолияти ҳам тўла тиклангани ҳақида айтган.

"Тайёргарликдан ўтган барча телеканаллар, шу жумладан радиостанциялар эфирга чиқди", деган у.

Олмаота шаҳрида айни вақтда Алмали ИИБ биноси яқинида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси департаментига ҳужум уюштирилиши бўйича аксилтеррор амалиёт давом этмоқда. Шаҳарда террорчилик хавфининг энг юқори даражаси жорий қилинган. Шу муносабат билан шаҳарда банклар, улкан савдо марказлари ҳамда кўнгилочар мажмуалари ишламаяпти. Шунингдек, шаҳардаги барча қурол дўконлари ёпилган.

Жамоат транспортида ҳам хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилган. Олмаота метрополитени бекатларида полициячилар навбатчилик қилмоқда ва барча йўловчилар текширувдан ўтказилмоқда. Аэропорт ва вокзаллар штат режимида ишламоқда.

Шаҳарда интернет ишлаши тезлиги яхшиланган.

Бундан олдинроқ ижтимоий тармоқларда сайтларга киришда муаммолар бўлаётгани ҳақида фикрлар билдирилганди. Вазирлик буни фойдаланувчиларнинг ҳаддан ташқари кўп ташрифи сайтларнинг ишлашида муаммоларни пайдо қилгани билан изоҳлаган.