Оқўрдада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев раислигидан Хавфсизлик кучлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизматига асосланиб Tengrinews.kz хабар тарқатди.

Йиғилиш вақтида республика Ички ишлар вазири Қосимов, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Жумаканов ва бошқа амалдорларнинг Олмаота воқеалари бўйича ҳисоботи тингланди.

Қозоғистон президенти қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва жабрланувчиларга зарур ёрдамларни кўрсатиш бўйича кўрсатма берди.

"Бугун Олмаотада террорчилик акти бўлиб ўтди. Афсуски, бу ҳодиса инсонлар ўлимига сабаб бўлди. Қурбонларнинг ва жабрланувчиларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Тегишли органлар шаҳарда тинчлик таъминланиши учун барча зарур чоралар кўради", деган Назарбоев.