Туркиянинг Инжирлик авиабазасига қўмондонлик қилган, Анқара томонидан мамлакатдаги ҳарбий тўнтарувга уринишга алоқадорликда айбланган Бакир Эржон Ван АҚШда бошпана берилишини сўради, бироқ рад жавобини олди. Бу ҳақда The New York Times газетаси маълум қилди. 

Нашр маълумотларига кўра, "дам олиш кунлари Ван АҚШнинг расмий шахсларига бошпана берилишини сўраб мурожаат қилган, бироқ рад жавобини олган". Газета бошқа тафсилотларни келтирмаган.

17 июлда ОАВ Инжирлик базаси қўмондони турк ҳукумати томонидан ҳарбий тўнтарувга уринишга алоқадорликда айбланиб қўлга олинганини маълум қилди. У билан бирга бошқа ҳарбийлар ҳам ҳибсга олинган.   

Инжирлик базасида Вашингтон ва унинг иттифоқдошлари ИШИДга қарши курашда ишлатадиган авиация жойлашган. Туркиядаги тўнтарувга уриниш сабабли авиабазадан операцияларнинг ўтказилиши бир кунга тўхтатилганди. Ҳозир операциялар қайта бошланган.