Қозоғистон республикаси Антитеррор маркази Олмаота шаҳрида ўтказилган аксилтеррор амалиёт якунлангани ҳақида хабар берди.

Бугун, 18 июль кунининг биринчи ярмида Қозоғистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланадиган Олмаота шаҳри марказидаги Алмали тумани ИИБ биноси ҳамда МХХ департаменти биносига қуролли шахслар томонидан уюштирилган ҳужум туфайли мамлакатда террорчиликнинг энг юқори — "қизил" даражаси эълон қилинган эди. Шаҳарда кун давомида аксилтеррор амалиёти ўтказилди. Амалиёт давомида отишма ижрочилари бўлган икки киши ҳибсга олинди.

"Айни вақтда шаҳарда барқарор ҳолат ҳукм сурмоқда. Вазият ҳуқуқ тартибот органлари назорати остида. Шаҳарнинг турли туманларида отишмалар давом этгани ҳақидаги хабарлар асоссиз", дейилган ИИВ хабарида.

"Террорчиларга қарши ўтказилган амалиёт якунлангани муносабати билан Олмаотадаги террорчилик хавфининг "қизил" даражаси мўътадил(сариқ)га ўзгартирилди", дейилган Қозоғистон Хавфсизлик қўмитаси расмий хабарида.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишида Олмаотада рўй берган отишмани террорчилик акти сифатида баҳолади.

Охирги маълумотларга кўра, Олмаотадаги отишмалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етди. Шунингдек, 8 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.