Олмаотадаги қуролли ҳужум қурбонлари сони 4 нафарга етди: 3 нафар полициячи ва 1 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлган. Бу маълумот Қозоғистон ИИВ томонидан тарқатилди.

"Афсуски жиноятчилардан бири йўлда автомобиллардан бирини тўхтатиб, ҳайдовчини ўлдирган ва машинага миниб воқеа жойида жўнаб кетган", дейилади вазирлик хабарида.

Айни вақтда шаҳарда аксилтеррор амалиёт давом этмоқда. Шаҳарда террорчилик хавфининг "қизил" даражаси эълон қилинган.

Амалиёт давомида ҳужум иштирокчиларидан бири қўлга олинган. У Қизилўрда вилоятида истиқомат қилувчи қозоғистонлик. 27 ёшли бу шахс муқаддам судланган. У ўтган ҳафтада ҳам қотиллик содир этгани гумон қилинмоқда.

Олмаотадаги қурол сотиладиган барча дўконлар номаълум муддатгача ёпилган. Полиция шаҳардаги вокзални ўраб олган, аҳолига уйларидан чиқмаслик тавсия этилмоқда.