Олмаота воқеасидан кейин Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида назорат кучайтирилди. Бу ҳақда Tengrinews.kz  сайти чегара хизматидаги манбасига асосланиб хабар тарқатган.

"Чегарада хавфсизликни таъминлаш мақсадида Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида назорат-ўтказув пунктида қатъий режим ўрнатилди ва соқчилар сони оширилди", дейилган хабарда.

Бугун Олмаота шаҳри марказидаги Алмали туманида ИИВ биноси яқинида қуролланган шахслар полициячиларга ҳужум қилди.

Айни вақтга келиб отишма қурбонлари сони 7 нафарга етган.

Ҳужум қилганлардан бири ўлдирилган, бири қўлга олинган ва яна бирини қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлиги қўмитаси жиноятчилар туманлардаги полиция бўлинмаси ва МХХ биносини ҳужум объекти сифатида танлашгани ҳақида маълум қилмоқда.

Шаҳарда террористик хавфнинг қизил (энг юқори) даражаси жорий этилди. Аҳоли ва Олмаота меҳмонларидан турар жойларни тарк этмаслик ва одамлар оммавий тўпланадиган жойлардан узоқроқ бўлиш сўралмоқда.

Олмаота шаҳри бўйлаб «Қўлга олиш» махсус амалиёти ўтказилмоқда.