Ўтган мавсумда "Лестер" билан Англия чемпиони бўлган Клаудио Раньери "Челси", "Манчестер Юнайтед" ва "Манчестер Сити" жамоаларида янги бош мураббийлар тайинланганига муносабатини билдириб ўтди. У хусусан "қизил иблислар" жамоасига Жозе Моуриньо бош мураббий бўлгани борасида тўхталиб, у сэр Алекс Фергюсон каби катта муваффақият қозониши мумкинлигини башорат қилган.

"Конте ва "Челси" бир-бири учун яратилгандек. Муҳими унга янги жамоасини тузишда халақит бермасликлари керак. Агар барча унга қулоқ солса, биз итальянча ўйнайдиган "Челси"ни кўришимиз мумкин.

Моуриньо янги Фергюсонга айланиши мумкин. У "Манчестер Юнайтед"да 26 йил ишламаслиги аниқ, лекин у бу жамоада ўз изини қолдириши ҳам тайин. Бизнинг реваншимиз 7 августда бўладими? Чиройли ўйин бўлади. Бу спорт тарихи шундай гўзал воқеалардан иборат.

Гвардиола ҳақида нима дейишим мумкин? У энди ўз жойини топди. "Манчестер Сити" чиройли ўйин кўрсатади, бу жамоани аввал Манчини, кейин Пеллегрини бошқарган ва футболчиларни чиройли футбол ўйнашга ўргатган", - деди Раньери La Gazzetta dello Sport нашри учун берган интервьюсида.

Манба: Tribuna.uz