"Реал" ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Евро-2016 турнири финалида олган жароҳатидан фақат сентябрь ойида тикланади ва сафга қайтиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Marca нашри хабар тарқатди.

Бундан олдинроқ, футболчи жароҳат туфайли 9 август кунида "Севилья"га қарши УЕФА Суперкубоги учрашувида иштирок эта олмаслиги маълум қилинганди. У август ойида машғулотларга киришиши мумкин, лекин у фақат сентябрь ойидагина спорт формасини тиклаб майдонга тушишга тайёр бўлади. Мадридликлар жамоаси шифокорлари шундай қарор қабул қилишган.

Шу тариқа, Роналду ЖЧ-2018 саралаши доирасида Швейцария терма жамоасига қарши 6 сентбрь куни ўтказиладиган учрашувда иштирок эта  олмайди. Унинг жароҳатдан кейинги илк ўйини Испания чемпионатининг 3-турида "Осасуна" жамоасига қарши 11 сентябрь кунига белгиланган учрашув бўлиши кутилмоқда.

Роналду Испания чемпионати стартидаги "Реал Сосьедад" (21 август) ва "Сельта" (28 август) жамоаларига қарши баҳсларни эса ўтказиб юбориши аниқ бўлган.

Манба: Tribuna.uz