Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Дэвис кубоги”нинг Осиё-Океания минтақаси биринчи гуруҳ иккинчи босқич учрашувида Хитой вакилларини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу ғалабадан кейин Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон лигасининг плей-офф баҳсида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида ўтган мусобақанинг яккаликлар ўртасидаги дастлабки кунги баҳсларида Денис Истомин Ди Вуни 6:4, 6:4, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Иккинчи учрашувда Фаррух Дўстов Зе Жангга 6:1, 4:6, 4:6, 2:6 ҳисобида имкониятни бой берган эди. 
  
Қоидага биноан мусобақанинг иккинчи кунида жуфтликлар баҳси ўтказилди. Унда Денис Истомин ва Фаррух Дўстов жуфтлиги Чже Ли ҳамда Мао Хинг Гонгга қарши кортга чиқди. Кескин курашларга бой ўтган учрашувда ўзбекистонлик спортчилар 6:4, 3:6, 6:3, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди.

“Дэвис кубоги”нинг сўнгги кунида Денис Истомин Зе Жангга қарши кортга чиқди. Беш сет давом этган ўйинда Денисга омад етишмади. Сўнгги ҳал қилувчи учрашувда Фаррух Дўстов Ди Вуни мағлубиятга учратди.