Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида юз берган отишмалардан сўнг, аэропортлар ва чегаралардаги хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. 

Хусусан, Тожикистон президенти Эмомали Рахмон ҳуқуқ-тартибот ва махсус кучлар раҳбарлари билан мулоқот ўтказган, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати. 

Давлат раҳбари қарорига биноан, Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат аэропортлари ва ҳаво кемаларидаги хавфсизликни таъминлаш борасида қўшимча чоралар кўради. 

Олмаотадаги воқеалардан сўнг, Ўзбекистон чегарачилари ўзбек-қозоқ чегараларини жиддий назорат остига олган. Миллий хавфсизлик хизматининг давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига кўра, чегарачилар бу каби воқеаларда белгиланган тартиб бўйича фаолият юритади. Улар, икки мамлакат ўртасидаги 2 минг кмни ташкил этувчи умумий чегаралар бўйлаб жиддий назорат олиб боради.