Бугунга келиб, Туркиядаги давлат тўнтаруви ҳаракати қурбонларининг сони 208 нафарни ташкил қилмоқда, тахминан 1,5 минг киши турли жароҳатлар олган. 18 июль куни Анқарада Вазирлар маҳкамаси йиғилиши бўлиб ўтганидан сўнг Туркия бош вазири Бинали Йилдирим шу ҳақида маълум қилди. 

“Давлат тўнтаруви ҳаракати натижасида 208 нафар киши ҳалок бўлди, улардан 60 нафари полиция ходими, 3 нафари ҳарбий хизматчи ва 145 нафари тинч аҳоли вакиллари бўлган. Ушбу рақамлар кўпайиши мумкин”, - деб таъкидлади у. 

Шунингдек Йилдирим исённи қўзғатган 24 нафар ташкилотчининг ўлдирилганлигини ҳам маълум қилди, яна 50 нафари жароҳат олган. 

 “Ҳарбий тўнтарув ҳаракатининг иштирокчиларига нисбатан 2 745 та жиноий иши очилди”, - деди у. 

Бундан аввал ҳукумат раҳбари 7 543 нафар исёнкорларнинг қўлга олингани тўғрисида хабар қилганди. Уларнинг 100 нафари полиция ходими, 6038 нафари ҳарбий хизматчи, 755 нафари судья ва прокурор, 650 нафари оддий халқ вакили бўлган.