Туркиядаги тўнтарувни қўллаб-қувватлаган F-16 қирувчи самолётларининг икки учувчиси Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған самолёти ва унга ҳамроҳлик қилган иккита F-16 самолётини нишонга олиб турганлар, бироқ ҳужум қилмаганлар, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Манба маълумотларига кўра, бу воқеа Эрдўған самолётида Мармарис курорт шаҳридан Истанбулга қайтаётганида юз берган.

"Камида иккита F-16 самолёти ҳавода Эрдўғаннинг самолётини Истанбулга йўлда тақиб қилган. Улар Эрдўған ва уни ҳимоя қилиб борган иккита F-16 самолётини нишонда ушлашган", деб агентликка маълум қилди вазиятдан хабардор турк ҳарбийси. 

Унинг таъкидлашича, исёнчлар нима учун отишмагани унга жумбоқ бўлиб қолмоқда. Юқори лавозимдаги турк мансабдор шахсларидан бири бу маълумотни тасдиқлади.

Бошқа мансабдор шахс президент самолётида "осмонда муаммо бўлганини" айтган, бироқ тафсилотларни келтирмаган.

Туркияда тўнтарув бошланганда Эрдўған Мармарисда бўлган. У бўлаётган воқеалардан хабар топгач,  Истанбулга самолётида йўл олган. Эрдўған Отатурк номидаги аэропортга келгач, тарафдорлари билан учрашган.