Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг навбатдаги – “Ўлимдан қўрқмайман” қўшиғига олинган клипи интернет тармоғида пайдо бўлди. Бу ҳақида knews портали маълум қилди. 

Манбага кўра, мазкур композиция Сергей Орлов сўзига ёзилган бўлиб, у Иккинчи жаҳон уруши аскарларига бағишланган. “Қўшиқнинг сўзларини хотирамда қолгани бўйича ижро этдим, шу боис ундаги сўзлар ўзгарган бўлиши мумкин. Интернет тармоғида бу шеър йўқ экан”, - дея изоҳ берди Атамбаев. 

Янги қўшиққа видеоклип сифатида Григорий Чухрайнинг “Баллада о солдате” (“Аскар ҳақидаги баллада”) фильми кадрлари олинган.

Июль ойида Атамбаевнинг иккита клипи намойиш этилган эди – “Тақдирга қасдма-қасд” ва “Сенсиз яшай олмайман”.

Президент девонининг ахборот сиёсати бўлими маълум қилишича, Қирғизистон  раҳбари август ойида меҳнат таътилига чиққанида қирғиз тилида бешта қўшиқни ёзишни режалаштирмоқда. 

Қирғизистон президенти ўзининг 60 ёшлик юбилейига (17 сентябрда Атамбаев 60 ёшга тўлади) 10 та қўшиқдан иборат компакт диск чиқаришга ваъда берган: унга 5 та рус тилида ва 5 та қирғиз тилидаги қўшиқ киритилиши режалаштирилган. Кинорежиссёр Фурқат Турсунов эски киноленталар асосида уларга видеоклип яратади.