Ўзбекистон футбол федерацияси сайти хабар беришича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни вақтда Австрияда 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўрмоқда ва ўқув-машғулотлари ўтказмоқда.

Федерация сайти хабарида айтилишича, ушбу ўқув-машғулот йиғини доирасида Самвел Бабаян қўли остидаги жамоа “Боруссия Дортмунд” клубининг 23 ёшгача бўлган футболчичларидан ташкил топган жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган ва дуранг натижа қайд этган.

Сайтда ёзилишича, ушбу учрашув 17 июль куни бўлиб ўтган ва ўйинда ўзбекистонликларнинг голига Элдор Шомуродов муаллифлик қилган. Дортмундликлар ҳам бир бора Нестеров қўриқлаган дарвозани ишғол қилгани айтилган. Голлар ўйиннинг қайси дақиқаларида урилгани келтирилмаган. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган бир вақтда, Жамшид Искандеров 11 метрлик жарима тўпини голга айлантира олмагани қўшимча қилинган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Австриядаги йиғини 6 июль куни бошлангани ва у 21 июлга қадар давом этиши маълум қилинган.

Сайтда бундан олдинроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 учинчи саралаш босқичи арафасида Ироқ ҳамда Яман терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказиш борасида келишувга эришгани ҳақида хабарлар берилганди. Ироқ билан ўтказиладиган назорат учрашуви 24 июль куни, Тошкетдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Яманга қарши кечадиган назорат ўйини эса 24 августга белгиланган. Ушбу ўйин ҳам “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ҳар икки учрашув Тошкент вақти билан 19:00да бошланиши айтилган.

Ўртоқлик учрашуви
17.07.2016, Австрия.
Ўзбекистон – “Боруссия Дортмунд” U-23 1:1
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров (Элдор Суюнов), Станислав Андреев (Александр Мерзляков), Азим Аҳмедов, Камолиддин Тожиев (Руслан Мелзитдинов), Даврон Хошимов (Акмал Шораҳмедов), Саламат Қутибоев (Жавоҳир Соҳибов), Отабек Шукуров, Жасур Ҳасанов (Акром Комилов), Марат Бикмаев (Шерзод Каримов), Жамшид Искандеров (Достон Ҳамдамов), Элдор Шомуродов (Муродбек Бобожонов)