Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Францияга 14 июль кунги теракт муносабати билан ҳамдардлик билдирди. ТИВ сайтида маълум қилинишича, бугун Франциянинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф амалга оширилган.

"2016 йилнинг 18 июль куни Тошкент шаҳридаги Франция Республикаси Элчихонасида 14 июлда Ницца шаҳрида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган террорчилик хуружи муносабати билан очилган Ҳамдардлик китобига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги номидан қайд киритилди ва қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳатланганларга самимий ҳамдардлик ва далда сўзлари изҳор этилди", дейилади матбуот хизмати хабарида.

14 июль куни кечқурун Бастилия олинган кун муносабати билан ўтказилган Миллий байрам вақтида Ницца шаҳридаги Инглиз қирғоғида тўпланган одамлар устига террорчи томонидан юк машинаси ҳайдаб борилиши оқибатида 84 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, айни вақтда жароҳатланган 18 киши шифохонада қолмоқда.