Руанда пойтахти Кигали шаҳрида Африка Иттифоқига аъзо мамлакат  раҳбарларининг 27-саммити якунланди. Икки кун давом этган саммитда 50дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Анжуманда минтақавий интеграция ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Якшанба куни саммитнинг биринчи иш кунида Африка раҳбарларига биринчи Африка электрон паспорти берилди. Мухбирларнинг хабар қилишича, биринчи электрон паспорт айни дамда Африка Иттифоқига раислик қилаётган Чад президенти Идрис Деби ва саммит ўтаётган Руанда президенти Поль Кагамега топширилди. Улардан кейин Африка Иттифоқига аъзо бўлган бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва Африка Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг вакиллари ҳам шу каби ҳужжатга эга бўлдилар. Янги электрон паспортларни Африка Иттифоқи комиссиясининг раиси Нкосазана Дламини-Зума топширди. 

Электрон паспортларни жорий қилиш Африка Иттифоқининг “2063 кун тартиби” деб номланмиш катта режасининг бир қисми саналади. Мазкур глобал стратегия аҳолининг фаровонлиги йўлида қитъа имкониятларини ишга солишга қаратилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, яқин-яқингача умумафрика паспорти хомхаёлдан бошқа нарса эмас эди. Бунинг учун йиллар керак, деган фикрлар мавжуд эди. Бироқ Кигали саммитида лойиҳани амалга ошириш йўлида илк қадамлар қўйилди. Эндиликда Африка мамлакатлари электрон паспортларни оммавий тарзда фойдаланишга қаратилган протоколларни ратификация қилиб, зарур қонунларни қабул қилишлари керак.

Янги паспортлар муомалага киритилгудек бўлса, 2020 йилга бориб Африка мамлакатлари ўртасида виза тартиблари бекор қилинади. Интеграция жараёнлари тезлашади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, электрон паспортларни жорий қилиш орқали Африка Иқтисодий ҳамжамияти ташкил этилади ва қитъалараро савдо-сотиқ янада фаоллашади. Электрон паспортлар жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган кучли, гуллаб-яшнаётган, бирлашган Африка ташкил этилишига ҳисса қўшади. Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда Африка мамлакатлари аҳолиси бир қатор маъмурий қийинчиликлар билан тўқнаш келган. Африка Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг аҳолиси қитъадаги бошқа бир мамлакатга бормоқчи бўлса, албатта, виза олишлари керак.

Саммит кун тартибида, асосан, инсон ҳуқуқлари, жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқлари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат ва ҳукумат раҳбарлари Жанубий Суданда давом этаётган қуролли можаралар муносабати билан минтақадаги тинчлик ва хавфсизлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Марокаш подшоҳи Муҳаммад Олтинчи ўз мамлакатини Африка Иттифоқи сафларига қайтиш ниятида эканлигини маълум қилди. Шуни таъкидаш керакки, Марокаш қитъадаги Африка Иттифоқига аъзо бўлмаган ягона мамлакат ҳисобланарди. Бу мамлакат 1984 йилда Ғарбий Саҳрои Кабирнинг ташкилотга аъзо бўлиб киришига норозилик белгиси сифатида Иттифоқ сафидан чиқиб кетган эди.

“Узоқ йиллар мобайнида дўстларимиз бизни Иттифоқ сафларига қайтишимизни илтимос қилишди. Шу кун келди”, деди Марокаш подшоҳи Африка Иттифоқининг саммити иштирокчиларига қарата сўзлаган нутқида. Унинг сўзларига қараганда, Ғарбий Саҳрои Кабир учун Африка Иттифоқи тарихий хатони такрорламайди. Муҳаммад Олтинчининг айтишича, Ғарбий Саҳрои Кабир мустақиллигини бирор бир халқаро ташкилот, биринчи навбатда, БМТ ва Араб Давлатлари Лигаси тан олмаган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Африка Иттифоқига аъзо 34 мамлакат Ғарбий Саҳрои Кабир мустақиллигини тан олмаган. Жаҳондаги 36 мамлакат эса сўнгги 15 йил мобайнида тан олиш тўғрисидаги қарорларини қайтариб олган.

Эслатиб ўтамиз, Ғарбий Саҳрои Кабир Африка шимолий-ғарбида жойлашган бўлиб, Испания мустамлакаси бўлган ва 1973 йилда минтақада Миллий Озодлик фронти ташкил этилган. 1975 йилда Марокаш ва Мавритания босими билан Мадридда Ғарбий Саҳрои Кабирнинг шимолий қисмини Марокашга, жанубини эса Мавританияга бериш тўғрисида битим имзоланди. Бироқ Миллий Озодлик фронти 1976 йилда Саҳрои Кабир Араб демократик республикаси тузилганини эълон қилди.

Бу республикани бир нечта давлат тан олганига қарамай Марокаш бунга розилик бермай келади. Работ расмийлари Ғарбий Саҳрои Кабирга подшоҳлик таркибида мухторият беришга рози эканини айтиб келади. Бироқ Миллий Озодлик фронти тўла мустақиллик учун курашни давом эттирмоқда.

Африка Иттифоқи Африка Бирдамлик ташкилотининг меросхўри бўлиб, айни дамда 54та давлатни бирлаштирган. Ташкилотнинг муҳим қарорлари Африка Иттифоқи Ассамблеясида қабул қилинади. Иттифоқ котибияти ва Африка Иттифоқи Комиссияси Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳрида жойлашган.

Африка Иттифоқидан аввал қитъада, ўтган асрнинг 60-йилларда Африка Давлатлари Иттифоқи (Union of African States) тузилган. Шунингдек, 1963 йил 25 майидан Африка Бирлиги Ташкилоти (Organisation of African Unity) ҳам фаолият юритган. 1991 йилда эса Африка Иқтисодий ҳамжамияти (African Economic Community) ташкил этилган. Бироқ бу ташкилотлар самара бермагани боис ўтган асрнинг 90-йилларида Африка Иттифоқи тузиш ташаббуслари муҳокама қилина бошлади. 1999 йилнинг 9 сентябрида бу борада Сирт декларацияси қабул қилинди. 2000 йилда Ломе саммитида Африка Иттифоқининг Таъсис акти тасдиқланди. 2001 йилда Лусакада бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда янги ташкилотнинг ҳаётга татбиқ этиш лойиҳаси қабул қилинди. Ўша йили Африка тараққиётининг стратегик дастури тасдиқланди. Африка Иттифоқи 2002 йилнинг 9 июлидан бери фаолият кўрсатиб  келади. 

Шарофиддин Тўлаганов таржима қилди